Футболимизда ўзга юрт футболи вакиллари, яъни легионерлар етарлича топилади. Уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тошкентнинг «Локомотив» жамоасида икки йилдан бери тўп суриб келаётган бразилиялик «шамол» лақабли ҳужумчи Эвертон Дос Чагос Кавалканте мазмунли ўйин намойиш қилаётган легионерлардан бири. У нафақат ўртамиёна клублар, балки кучли рақибларга қарши кечган ўйинларда ҳам юқори даражада ўйнамоқда. Мисол учун, «Пахтакор» билан ўйинда чемпионатларимиз тарихидаги энг тезкор голлардан бирини киритди. Ўша ўйинда Кавалкантенинг голи эвазига «темирйўлчилар» ўзбек футболи байроқдори билан дуранг ўйнашга муваффақ бўлишди. Бунга қадар чемпион очко йўқотмаганди. ФИФА қоидаларига кўра, футболчи бирон-бир мамлакатда икки йилдан кам яшамаган ва фуқароликка эга бўлса, ўша мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси бўла олади. Бразилиялик футболчининг ишончли ўйини унга қўл келиши мумкин. Балки биз яқин орада Кавалкантени терма жамоа сафида кўрармиз? Ҳар ҳолда терма жамоа бош мураббийи Рауф Инилеев бу футболчининг ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда. Аммо, бу ҳужумчининг ижобий қирраларидан ташқари салбий томонлари ҳам йўқ эмас. Кавалканте бир учрашувни юқори савияда ўтказса, иккинчисида ўта суст ҳаракат қилади. Унга муқимлик, барқарорлик етишмаяпти.
Янги мавсумда «Локомотив»да яна бир бразилиялик ҳужумчи пайдо бўлди. Кавалканте ва Уилсон бир-бирлари билан жуда тез тил топишишди. Ким билсин, балки бир-икки йилдан сўнг термамиз ҳужум чизиғида икки нафар бразилияликни кўриб қолармиз...
Эвертон, «Локомотив»га келгунингга қадар қандай фаолият юритганинг ҳақида сўзлаб берсанг. Бразилиядаги фаолиятинг қандай ривожланган?
Мен бошқа бразилияликлар каби футбол билан шуғулланишни жуда эрта бошлаганман. Беш ёшимдан бошлаб мунтазам машқ қилиб келаман. Дастлаб футзални танлаганман. Катта футболдаги фаолиятим «Тона Луза» клубида бошланган. Шундан сўнг эътиборимни катта футболга қаратганман. Бир неча йиллар давомида турли клубларда ўйнадим. Ниҳоят «Фламенго»да ўйнай бошладим. Маълум муддат ўтгач, «Парама»га ўтдим. Бу клуб Бразилия олий дивизионида иштирок этарди.
Бразилияда севган қизинг борми ё уйланганмисан?
Мен уйланганман. Уйланганимга анча бўлди. Биз хотиним билан черковда никоҳ ўқиттирганмиз.
Фарзандларинг борми?
Ҳозирча, йўқ.
Бразилия чемпионати ҳақида сўзлаб берсанг. Биз, албатта, Бразилия чемпионатини кузатиб борамиз. Бироқ сен ўша чемпионатда ҳаракат қилгансан. Сенинг фикрингни билиш қизиқарли.
Бизнинг чемпионатимиз жуда қизиқарли, тартибли. Боз устига бизда футболни севишгани боис учрашувлар мухлислар билан лиқ тўла стадионларда ўтади. Жамоаларда барча шароитлар муҳайё.
Бразилия ва Ўзбекистон чемпионатларининг ўхшаш томонлари борми?
Қайсидир томонлари ўхшаб кетади. Ҳар икки чемпионатнинг ўз етакчилари бор. Ўзбек футболи пешқадамларининг ўйинларини Бразилия клублари ўйинига қиёсласа бўлади. Бироқ, фикримча, Бразилия клубларининг савияси юқорироқ.
«Локомотив» янги мавсумда яна бир бразилиялик футболчини сотиб олди. Сен Уилсон билан илгари танишмидинг? Унинг жамоага келишида сенинг хизматинг борми?
Биз Уилсон билан болаликдан бирга ўсганмиз. У билан бир жамоада ўйнашни орзу қилардим. Футболчилик фаолиятимизни бирга бошлаганмиз. Кейин йўлларимиз бўлиниб кетди. Шундай бўлсада боғланиб турардик. «Локомотив»га келганимда Уилсонни ҳам бу жамоага таклиф қилишларини сўрадим. Ниҳоят икковимиз биргамиз. Мен бундан жуда бахтиёрман.
Ўзбекистонга келишингни эшитиб, ота-онанг нима дейишди? Улар бизнинг мамлакатимиз ҳақида нималарни билишади?
Дастлаб Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибидаги республика бўлганини, кейин мустақилликка эришганини билишарди, холос. Кейин астойдил мамлакатингизни ўргана бошлашди. Ниҳоят яхши мамлакат эканлигига амин бўлишди, таклифни фойдали, деб топишди ва фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттиришимга рози бўлишди.
Қариндошларингдан бирортаси Ўзбекистонга келмадими?
Имкони бўлиши билан ота-онам меҳмонга келишмоқчи. Улар ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлишмаган. Мен уларга Ўзбекистон ҳақида сўзлаб берганман.
Оилангни Ўзбекистонга олиб келишни режалаштиряпсанми?
Онам доим сафарда юришимга кўникиб кетганлар. Аммо рафиқам бунга мослаша олмаяпти. У бу ерга жон деб кўчиб келади. Мен ҳам унинг ёрдамига, далдасига муҳтожман. Яқин кунларда рафиқамни кўчириб келаман.
Ўзбекистонликларнинг сенга муносабатлари маъқул бўляптими?
Бу юртнинг одамлари меҳрибон. Уларнинг муносабатлари жуда яхши. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу ерга янги келганимда ҳамма менга ёрдам берди. Шу боис Ўзбекистон ҳақида фақат ижобий гапира оламан, холос.
Ватандошларингдан қайси футболчи сен учун суюкли?
Мураккаб савол. Балки Роналдо ва Роналдиньоларни кўрсатарман. Улардан биттасини танлаш қийин. Роналдиньонинг техникаси, Роналдонинг тезлиги зўр.
Ўз ўйинингни қайси машҳур футболчиникига ўхшатган бўлардинг?
Болалигимда Тонио Серезо кумирим бўлган. У «Сан-Паулу»да ўйнаган. Мен у каби ўйнашни орзу қилардим. Афсуски, Серезо билан бирга ўйнаш насиб қилмаган. Шундай бўлсада, ўйиним уникига ўхшайди. Бундан фахрланаман.
Сенингча, Бразилия терма жамоаси ЖЧ-2006 да қандай (Бразилия чорак финалда Францияга 0:1 ҳисобида ютқазган) ўйнади?
Термамиз муваффақиятсиз иштирок этди. Бразилияда ҳамма уларнинг чемпион бўлишларини кутяпганди. Шунчалик кучли таркиб билан Францияга ютқазишганига ҳайронман. Бразилияда мухлислар учун иккинчи ўрин деган тушунча йўқ. Фақат биринчи ўрингина мухлисларни қониқтиради.
Нима деб ўйлайсан, Бразилия 2010 йилда жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга қодирми?
Менимча, қодир. Чунки, ҳозир бизда жамоа янгитдан шаклланган, мураббий ҳам янги. Уларнинг олдига анъанавий тарзда чемпионликни қўлга киритиш вазифаси юклатилган. Менимча, улар олдинги хатоларни такрорлашмайди.
Ҳозир сенга тил муаммоси халал бермаяптими? Жамоада таржимон борлиги билан ўйин-олди кўрсатмалари, мураббийнинг ўйин давомидаги турли буйруқларини тушунишда муаммолар туғилмаяптими?
Мен ўйин давомида жамоадошларимни яхши тушуняпман. Пас, офсайд, пенальти каби барча тилларда бир хил янграйдиган сўзларнинг мавжудлиги ҳам фойда беряпти. Имо-ишора билан ҳам бемалол гаплашса бўлади.
Жамоада энг яқин одаминг Уилсон эканлиги тушунарли. Ундан бошқа дўст деб аташинг мумкин бўлган футболчилар борми?
Жамоамиз жуда аҳил. Ҳамма йигитларни дўстларим дея оламан. Шундай бўлсада Тиму (Тимур Яфаров) ва Эдик (Эркин Бойдуллаев) лар билан яқинман. Улар билан асосий вақтимни ўтказаман.
Ўзбекистон чемпионати ҳақида нималар дея оласан? Унинг ижобий ва салбий томонлари нимада?
Ўзбекистонда футбол жадал суръатларда ўсмоқда. «Пахтакор», «Қурувчи», «Машъал» каби жамоалар кучайиб боришмоқда. Стадионлар ҳолати ҳам яхшиланмоқда. Менимча, ўзбек футболи янада ўсади.
Бразилияликлар асосан юқори техникага таянган ҳолда чиройли футбол намойиш қилишади. Бироқ «Локомотив» масумни бошлаган стадионда техникани намойиш этишнинг иложи йўқ. Ҳатто ОФК қўмитаси ҳам унинг ҳолати яхши эмаслигини таъкидлади. Унда қандай ўйнаяпсан, ахир сенинг кучли томонинг техник салоҳият бўлса?
Дарҳақиқат, майсанинг сифати паст. Аммо илож қанча, танлаш имконияти йўқ. Вазифам ўйнаш, стадион сифати менинг ваколатимга кирмайди. Аслида футболчининг савияси айнан ёмон майдонда синалади.
«Локомотив» таркибида ўтказган ўйинларинг ичида ёдингда қолгани қайси бўлди?
Шак-шубҳасиз, «Пахтакор» билан бўлган учрашув. Ўша ўйинда тезкор гол киритдим, ҳаракатларим ҳам йиғилганларга маъқул бўлди, чамамда.
Қайси учрашув энг оғири бўлди?
Биз учун жорий мавсумда осон ўйиннинг ўзи бўлмаяпти. Жамоаларнинг савия борасида кучайишгани кўзга ташланмоқда. Барча ўйинлар биз учун қийин кечмоқда.
Қайси позицияда ўйнашни ёқтирасан?
Бразилияда ҳужумда ўйнардим. Бироқ менга ҳужумкор ярим ҳимоячи позицияси кўпроқ ёқади. Бу ерда қанот ярим ҳимоясида тўп суряпман, дам ўнг қанотда, гоҳо чапда. Менимча, ҳар икки қанотда ҳам ўз вазифамни бажаряпман.
Айтчи, ҳозир «Локомотив»га пешқадамлар билан рақобат қилиш учун нималар етишмаяпти?
Биз машғулотларда тириш-қоқлик билан меҳнат қилишда давом этишимиз керак. Шунда ғалабалар ўзи бўй кўрсатади. Мен фаолиятимда, чемпионат давомида турнир жадвалининг ўртасида юрган жамоаларнинг пировардида чемпион бўлишганини кўп кўрганман. Мисол учун, «Сантос»ни олсак. «Сантос» саккизинчи поғонада юриб ҳам, кетма-кет эришган ғалабалари туфайли чемпион бўлган.
Ҳакамларга кўп эътироз билдирасан. Ўзбекистондаги ҳакамликни қандай баҳолайсан?
Ҳакамлик юқори савияда. Кўп эътироз билдиришимга келсак, ҳаммаси қизиққонлигим туфайли. Менимча, ҳар бир футболчи ғалаба қозонишни хоҳлайди. Бунинг учун қўлидан келганича интилади. Мен ҳакамларнинг мунозарали қарорларига эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Чунки улар ҳам инсонлар. Хато қилиш инсонга хос хусусият.
Фикрингча, «Локомотив» бу мавсумда нечанчи ўринни эгаллашга қодир?
Биз якунда кучли бешликдан ўрин олиш учун қўлимиздан келаган барча ишни қиламиз. Нечанчи ўринни эгаллашимизни аниқ айтолмасамда, юқорироқ ўринлардан бирини эгаллашга интиламиз.
Мана, чемпионатнинг 11 та тури ортда қолди. Жамоа стартини қандай баҳолайсан?
Биз жуда яхши бошладик. Аммо кейинчалик бўш ўйнадик. Биз пешқадамлардан бир очко тортиб олдик. Бу ҳамманинг қўлидан келмайди. Шу боис чемпионатни омадли бошладик, дея оламан.
Ўз стадионларингда мухлислар далдаси сезиляптими?
Бўлмасамчи. Гарчи, ўйинимизга унчалик кўп мухлис келмасада, уларнинг далдаси сезилмоқда. Менга стадион лиқ тўлган ҳолат жуда ёқади. Шунда ўйиним ҳам қовушиб кетади.
Келажакда қайси жамоа сафида ўйнашни орзу қиласан?
«Сан-Паулу»да. Бу жамоага болалигимдан мухлислик қиламан. қолаверса, унда кумирим – Тонио Серезо ўйнаган. Шу боис унинг сафида ўйнаш – орзум.
Ўзбекистонда яна қанча муддат ўйнамоқчисан?
Буни ёлғиз Худо билади.
«Локомотив» билан шартноманг қанча муддатга тузилган?
Шартномам йил охирига қадар тузилган. Шу боис Ўзбекистондаги фаолиятим қандай давом этишини айтолмайман. Чемпионат якунлангач, раҳбарлар билан бу масалага ойдинлик киритамиз.
ФИФА қоидаларига кўра, футболчи бирор мамлакатда икки йил яшаса, ўша мамлакат терма жамоасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади. Сен Ўзбекистонда иккинчи мавсумни ўтказ-япсан. Демак, сенда Ўзбекистон термасида ўйнашга назарий имконият мавжуд. Агар терма жамоа мураббийлари сени таркибга таклиф қилишса, нима қилган бўлардинг?
Бу масалада муаммо кўрмаяпман. Нега энди Ўзбекистон миллий термасида ўйнамаслигим керак? Агар бош мураббий менга шундай таклиф билан чиқса, оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келаман.
Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини кўрганмисан?
Уч марта терма жамоа ўйинида бўлдим. Саудия Арабистони билан ўйинга бордим. Терма жамоа намойиш этаётган ўйин менга маъқул келди.
Яқинда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда икки ўйин ўтказади. Бош мураббий сенинг жамоадошинг Олим Навкаровни термага чақирди. Ўртоғингнинг ўйинини кўргани борасанми?
Уни термага чақиришдими (кулади)? Албатта, бораман. Агар терма сафида дўстим Олим ўйнаса, унга нисбатан қизиқишим икки баробар ортади.
Сен «Қурувчи» ва «Пахтакор» каби етакчилар билан бўлган ўйинларда иштирок этдинг. Улардан қайси бири билан ўйнаш оғир бўлди?
Ҳар иккиси билан ҳам оғир ўйин бўлди. «Пахтакор» билан ўйинда омадимиз келди. «қурувчи» билан ўйинда бошидан ишимиз юришмади. Шундай бўлсада, чиройли ўйин намойиш қилдик.
Эвертон, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Кейинги ўйинларда сенга омад тилаймиз. Жароҳатлар сени четлаб ўтаверсин.
- Раҳмат. Стадионларда кўришгунча!
Алим АриФов
суҳбатлашди. "Спорт мухлиси" журналидан олинди.